«Oxus» ансамбли 7-20 Феврал кунлари ўзбек мумтоз ва анъанавий мусиқа намуналаридан тайёрланган дастур асосида Латвия, Эстония ва Финландияда давлатларида ижодий сафарда бўлиб қайтишди.

Ушбу концерт сафари Эстониянинг MUUILMAMUUSIKA ташкилоти томонидан «OXUS Culture» ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги ҳамда давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 533 йиллигига бағишланди. Сафардан кўзланган мақсад эса Болтиқбўйи мамлакатлари аҳолисини Шашмақом мусиқа мероси билан яқиндан таништириш бўлди.

Эстониянинг Таллинн, Тартуу ҳамда, Вилянди шаҳарларидаги концертларда Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Садди Искандарий» достонларининг эстон тилидаги таржималаридан парчалар ўқиб эшиттирилди. Таллинда бўлиб ўтган концертда ушбу достонлардан парчаларни таржимон - Ли Сеппел-Эхин (Ly Seppel-Ehin)нинг шахсан ўзи ўқиб берди.

MUUILMAMUUSIKA rahbari Hannes Pikkat:

“Ўзбекистонда яшаётганимга уч йил бўлди. Шу вақт мобайнида Ўзбек халқига, тарихига ва ўзига хос маданий меросига меҳр қўйдим. Мусиқани қўллаб-қувватловчи шахс сифатида сифатида Ўзбек анъанавий мумтоз мусиқасини Ўрта Осиёдан кенгроқ ҳудудларга ёйилиши ва танилишига ёрдам беришга табиий ҳолат деб қарайман. Охус Cултуре ташкилотининг раҳбари, созанда ва мусиқа соҳасида фаол ижод қилиб келаётган Ҳусниддин Ато билан учрашганимдан буён Ўзбек мусиқачилари билан мусиқий сафар ташкил қилиш ҳақида ўйлаб қўйгандим. Ўтган йили август ойида Самарқандда бўлиб ўтган Шарқ Тароналари Фестивалида ҳакамлар ҳайъатининг аъзоси сифатида қатнашдим ва шу вақт мобайнида Болтиқбўйи ҳудудида бўлиши режалаштирилаётган концерт сафарини ҳозирлаш учун ҳамкорлар излай бошладим.

2016 йил февралда бўлиши кутилган Навоийнинг 575 йиллиги ва Бобурнинг 533 йиллиги мусиқа, адабиёт ва тарихни бирлаштирувчи лойиҳа учун ажойиб имконият ҳозирлади. Иккала шоирнинг ғазаллари намуналарини ўз репертуарида жамлаганлиги, созандалар чолғу асбоблари танловининг кенглиги ҳамда гуруҳ аъзоларининг мусиқага бўлган камтарона фидоийликлари учун ҳам ОХУС ансамбли билан ишлашга тўхталдим. Латвия, Эстония ва Финландиянинг шаҳар, туман ва қишлоқлари бўйлаб босиб ўтилган 3000 кмлик масофа, 12 концерт ва иккита амалий мусиқа машғулотларидан сўнг шуни тан олишим мумкин-ки, топшириқ тўлиқ бажарилди.

Концертларга ташриф буюрганларнинг кўпчилиги Шашмақом ҳақида аввал умуман эшитишмаган ҳам эди. Гуруҳ Латвия Телевидениеси учун интервюлар берди, Эстония Радиосида жонли ижро қилди ҳамда созандалар, ёзувчилар, фестивал ташкилотчилари, маҳаллий гуруҳлар билан учрашувларда қатнашди”.

Шавкат Матёқубов («Oxus» ансамбли хонанда ва созандаси):]

«Сафаримиз жуда яхши ўтди. Ўзбек миллатининг фахри бўлган буюк бобокалонларимиз Ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизни ғазаллари ўқилиб, шоирлар ғазаллари билан айтиладиган мақом ва мумтоз асарлардан ижро этиш билан биргаликда, ўзбек халқ куйларидан ҳам ижро этдик.

Айниқса, Таллиндаги концертда Ҳазрат Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Садди Искандарий» достонларидан парчалар уларни эстон тилига таржима қилган Ly Seppel-Ehin (Ли Сеппел-Эхин) томонидан ўқиб эшиттирилгани ушбу концерт учун жуда катта тарихий аҳамият касб этди.

Концертларга ташриф буюрганлар асосан ўрта ёшли тингловчилар бўлиб концертдан олган таассуротлари улкан эканлигини айтиб, миннатдорчилик билдиришди. Мамнумият билан шуни айтишим мумкинки, бизни концертларга ташриф буюрган томошабинларни мумтоз мусиқамиз билан таништирибгина қолмай, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодларидан ҳам оз бўлса-да баҳраманд қила олдик».