2015 йилнинг июлидан буён Туркия хавфсизлик хизматлари вакиллари бўлган 300 нафардан ортиқ киши террорчилик хуружлари қурбонига айланган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилган.

"Ўтган йилнинг июлидан буён 300 нафардан ортиқ туркиялик махсус хизматлар ходимлари террорчилар қўлидан ҳалок бўлган", дейди у.

Эрдўған 2015 йилнинг ёзида Туркия жануби-шарқида, мамлакат пойтахтида ва бошқа йирик шаҳарларда содир этилган террористик хуружларни эслатиб ўтган.

"Терактлар бу йилда ҳам давом этди. 17 февраль куни Анқарадаги теракт туфайли 28 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Бу терактлар Туркия ҳукуматига қарши курд исёнчилари томонидан содир этилган", дейди президент.

Унинг фикрича, "Курдистон ишчилар партияси"ни курдлардан деб бўлмайди.

"Биз ўз курдларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Лекин биз Кобанида жангариларнинг ҳужумига учраган 200 мингдан ортиқ курдни қабул қила олмаймиз. Анқара "Курдистон ишчилар партияси" ва Суриядаги курд гуруҳларини ("Демократик иттифоқи партияси" - таҳририят) ўзига душман деб билади", дейди Эрдўған.

Сурияда тинчлик ўрнатиш борасида Россия ва АҚШ ўртасида имзоланган келишувни қўллаб-қувватлашини билдирди.

"Биз албатта бу келишувни, Сурияда ўт очилиши тўғрисидаги келишувни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо бизни бу келишув Асаднинг мухолифатга тайзиқларини кучайтиришга хизмат қилишидан хавотирдамиз", дейди у.

"Сурияда тинчлик ўрнатилиши, умуман олганда, яхши. Ахир бу суриялик биродарларимизга бир оз нафас ростлаш имконини беради. Аммо, шу туфайли, ўзининг ярим миллион фуқаролари ўлимига сабабчи бўлган Асад режими ҳам ўзига хос тарзда қўллаб-қувватланади. Бу битим ниҳоятда фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирдамиз", — деди Эрдўғон.

Туркия президентининг таъбири билан айтганда, АҚШ ва Россия ўртасидаги келишув "Суриянинг ҳақиқий эгаларини четга улоқтириб, Асад ва унинг тарафдорлари нонига сариёғ суркаб беради".

"Авваллари янги ҳудудлар истило қилинганда, шунга ўхшаш ҳаракатлар амалга оширилган. Туркиянинг сезгирлигини ҳеч ким ҳисобга олмаган кўринади. Биз ушбу тинчлик битимини, ниҳоятда катта қизиқиш билан кузатиб борамиз", — қўшимча қилди Туркия президенти.

У шунингдек, бу масала "АҚШ, Россия, Эрон ва Европа Иттифоқи" томонидан ҳал қилиниши ҳаққоний бўлмаганини айтиб ўтган.

"Минтақада тинчликни таъминлаш бўйича музокаралар Суриядаги воқеаларга энг кўп даражада алоқадор бўлган Туркиянинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилиши керак эди", деган у.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, тинчлик битими ИШИД ва "Жибҳат ан-Нусра"дан ташқари расмий Анқара томонидан террорчилик уюшмаси, деб қараладиган Суриядаги курдлар, хусусан "Демократик иттифоқи партияси"га жорий этилмаслиги лозим.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта якунида Россия раҳбари Владимир Путин ҳамда АҚШ президенти Барак Обама Сурияда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олишган эди. Россия ва АҚШ ўртасида ёпиқ турда ўтказилган бир неча раунд музокаралар натижасида, 2016 йил 27 февраль, Дамашқ вақти билан ярим тундан бошлаб Сурияда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш битими имзоланди.