Греция Европадаги энг талабгор авиайўналиш деб эълон қилинди

Жаҳон 24 Февраль 2016 1172

Иқтисодий муаммолар домида қолган бўлишига қарамай Греция Европадаги энг машҳур ва талабгор мавсумий авиайўналиш бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Греция матбуотига таяниб 1news.uz янгиликлар агентлиги мухбири Шуҳрат Орипов kun.uz учун Афинадан хабар бермоқда.

Куни кеча Европа авиакомпаниялари уюшмаси авиарейслар сонини 4 фоизга ошириш бўйича қарор қабул қилди. Уюшма вакилига кўра умумий ҳисобда 255 та янги авиайўналиш жорий этилиши режалаштирилмоқда ва уларнинг қарийб 200 га яқини Европа ички худудига тўғри келади. Бу йўналишларнинг аксарияти мавсумий хусусиятга эга бўлиб, улар орасида Греция энг машҳур ва энг талабгор авиайўналиш бўлиб қолмоқда. Айниқса, Греция оролларига авиаташувларга талаб юқори. Бу борада Италия иккинчи, Испания учинчи ва Шотландия тўртинчи ўринни банд этган.

Грециянинг бундай эътирофга лойиқ кўрилиши тасодифий хол эмас. Февраль ойининг бошларида Брюсселда Best European Destination жамоат ташкилоти томонидан ўтказилган йиллик овоз бериш жараёнида Афина шаҳри 2016 йилда Европадаги энг яхши туризм йўналиши номинациясида 2-ўринга муносиб кўрилган эди. Овоз бериш жараёнида 179 та давлатдан 289 минг фуқаро иштирок этди.

Буюк Британиядаги Telegraph газетасининг ёзишича, Европадаги энг тароватли ва ҳордик чиқаришга қулай 18 та оролнинг 6 таси айнан Греция худудида жойлашган. Булар - Кастелоризо, Меганиси, Монемвасия, Кеа, Куфонисья ва Иос оролларидир. Telegraph талқинига кўра, Грециянинг Родос, Корфу ва Лефкас ороллари Европанинг оилавий ҳордик чиқаришга мўлжалланган энг машҳур 11 та ороллари таркибига киради.

Жаҳондаги энг етакчи туристик платформалардан бири Trip Advisor ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Грециянинг Крит оролида жойлашган Елафониси пляжи 2016 йилда Европада иккинчи ўринда ва дунёдаги 14 та энг яхши пляжларнинг бири сифатида қайд этилди. Шунингдек, сўровнома иштирокчилари Грециянинг Лимнионас, Балос, Агиос Павлос, Саракинико ва Эгремни пляжларини Европанинг энг яхши 15 та пляжи рўйхатига киритдилар. Сўровнома платформа фойдаланувчилари ўртасида 12 ой мобайнида ўтказилди.

Шуниси қизикки, туристларда Грециянинг қишки курортларига ҳам қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, яқинда олиб борилган тадқиқотда Метсово дам олиш зонаси дунёдаги 50 та машҳур чанғи учишга мўлжалланган курортлар орасида 6-ўринни эгаллади. Бу рўйхатдан Метсоводан ташқари Грециянинг яна 5 та қишки туристик йўналиши ҳам жой олган.

Олимпиада ватани бўлмиш Греция нафақат бетакрор табиатга эга ороллари ва тоғли курортлари билан, балки жаҳонга машҳур тарихий ёдгорликлари билан ҳам туристларни ўзига ром этмоқда.

Кўпроқ янгиликлар