Грузия ва Хитой эркин савдо тартибини ўрнатиш бўйича музокараларни бошлашди, бу музокараларнинг биринчи босқичи 22-23 февралда Тбилисида ўтди. Бу ҳақда Грузиянинг иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, музокаралар давомида "томонлар бўлғуси келишувнинг асосий йўналишларини ҳамда янги маслаҳатлашувларнинг ўтказилиш жадвалини муҳокама қилдилар". Музокараларнинг кейинги босқичи май ойида бўлиб ўтади.  

Грузия иқтисодиёт вазири ўринбосари Геннадий Арвеладзенинг айтишича, эркин савдо тартиби бўйича музокаралар 2016 йилнинг охиригача якунланди. Унинг айтишича, "эркин савдо ҳақидаги келишув кучга киргандан кейин грузиялик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини Хитойга қўшимча бож тўловларисиз етказиб бера оладилар". 

1992 йилда дипломатик алоқаларни ўрнатган Грузия ва Хитой охирги икки йилда иқтисодиёт, савдо, транспорт ва маданият соҳаларида ҳамкорликни жадаллаштирди. 2016 йил январь ойи натижаларига кўра, Хитой Туркия, Россия ва Озарбайжондан кейин, Грузиянинг 4-рақамли энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлмоқда. Хитой Грузияда бир қатор йирик инвестицион лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2015 йил грузин виноларининг Хитойга экспорти 2014 йилга нисбатан 107 фоизга ошган. Шунингдек, 2015 йилда Хитойнинг бир нечта расмий делегацияси Тбилисига сафар уюштирган, Хитойга жавоб сафарларини 2015 йилнинг июлида Грузия қишлоқ хўжалиги вазири Отари Данелия ва сентябрда ўшандаги бош вазир Ираклий Гарибашвили уюштиришган.