Россия ва АҚШ Суриядаги жанговар ҳаракатларни 27 февралдан бошлаб тўхтатиш масалисидаги келишув резолюциясининг иккита қоралама нусхасини тайёрлади. Бу ҳақида ТАСС агентлиги БМТнинг штаб-квартирасидаги манбасига таяниб хабар беришича, икки ҳужжатнинг асосий қисмлари биттага бирлаштирилади ва яқин кунларда тасдиқланади.

"Иккита матн бор. Бири америкаликлар, иккинчиси русларники. Уларни бирлаштириш керак", - дейди суҳбатдош. Унинг сўзларига кўра, бўлажак келишувни тасдиқлаш мураккаб жараён. Чунки гап Сурия масаласида бормоқда ва айнан шундай ҳолатда икки томонда ҳам вақт оз.

БМТдаги бошқа манбанинг ТАССга хабар беришича, резолюция муҳокамаси фақат икки томон—Россия ва АҚШ ўртасида кечмоқда. Хавфсизлик кенгашига аъзо бошқа мамлакатларнинг иштироки борасида ҳеч қандай гап -сўз йўқ.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун бу ҳаракатни миннатордлик билан қабул қилди ва у сурия масаласида воситачилик қилаётган махсус элчиси Стаффан де Мистура келишувни рўёбга чиқариш учун астойдил ҳаракат қилаётганини айтди.