Хитой ҳукумати Жануби-Хитой денгизидаги Парасель оролларидан бирида бир нечта қирувчи самолётларни жойлаштирди. Бу ҳақда Fox News телеканалига икки нафар америкалик амалдор маълум қилди.

АҚШ разведкаси Вуди оролида Shenyang J-11 (Су-27 самолётининг лицензион нусхаси) ва Xian JH-7 қирувчи самолётларининг пайдо бўлгани ҳақида маълумотлар олган. Шу оролда бунгача Хитойнинг ракета мажмуалари жойлаштирилганди.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Жон Керри Жануби-Хитой денгизида қуроллар жойлаштирилишига қарши чиққанди.

Жануби-Хитой денгизидаги Парасель ороллари ҳудудига эгалик қилиш учун Хитой, Тайвань ва Вьетнам ўртасида баҳс олиб борилади. Хитой ҳукумати ҳудудда инфратузилма, жумладан маржон қояларда сунъий ороллар яратмоқда.