Ўзбекистонда мунтазам равишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг "очиқлик индексини" эълон қилиб бориш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Расул Кушербоев маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашдаги ролига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

"Миллий қонунчиликка кўра жорий йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг "очиқлик индекси" эълон қилинади. Бунда рейтингнинг мезонларидан бири давлат органларининг ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигига баҳо бериш бўлади", деб айтди Кушербоев.

ЎзА маълумотларига кўра, семинар иштирокчилари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини ўтказишнинг методлари билан таништирилдилар.

Семинарда ахборот хизматларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашдаги роли, матбуот хизматлари ва журналистларнинг аҳолининг мамлакатда амалга оширилаётган сиёий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан хабардорлигини оширишдаги вазифалари ҳақидаги маъруза тингланди.