Украина президенти Пётр Порошенко ўз маъмурияти учун ўз шахсий маблағларидан 176 та ноутбук сотиб олди, деб ёзмоқда "Украинская правда" нашри.

Ҳаммаси бўлиб Порошенко маъмуриятида 527 та компьютер борлиги айтилмоқда.

Таъкидланишича, 2014 йилда текширувлар вақтида маъмуриятдаги 522 та компьютердан 270 таси "умуман фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатда бўлган ва ахборот хавфсизлигига катта хавф солган, чунки уларга замонавий дастурлар ва жосуслик дастурларидан ҳимоя қилиш тизимларини ўрнатиб бўлмаган".

Шундан кейин Порошенко янги ноутбуклар сотиб олиш ва 59 та эски компьютерни янгилаш учун ўз ёнидан 2,4 млн гривна ажратган.

Хабарда айтилишича, Украина президенти бундай йўл тутишига бюджетда пулнинг йўқлиги ҳамда бош вазир Арсений Яценюк ҳукумати 2014 йил 1 мартда давлат муассасалари учун бундай техникани сотиб олишни тақиқловчи қарор қабул қилгани сабаб бўлган.