Райҳон: Ҳамманинг уйида кутадиган инсони бўлсин! (концерт таассуротлари)

Маданият 24 Февраль 2016 15328

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг анъанавий концер дастури бу йил ҳам ўзбекларга хос тарзда ўз вақтидан 40 дақиқа кеч бошланди. Ҳамма жойлар санъаткорнинг мухлислари ва шунчаки дам олгани келганлар билан тўлган.

Ниҳоят, Миср маданиятини акс этган раққослар саҳнада пайдо бўлишди. Малика Клеопатра образидаги юқоридан тушиб келган Райҳонни мухлислар жўшқин қарсаклар билан кутиб олдилар. “Сенинг севгинг” қўшиғи дастурни очиб берди.

Қўшиқчи Райҳонгагина хос ўзбек тилида бу концертини ҳаммасидан ҳам кўпроқ соғиниб кутганини айтди, агар мухлислари ҳам Райҳонни соғинган бўлсалар (рус тилида давом этиб) телефонларининг махсус чироқларини ёқишларини сўради.

Миср мавзусининг давоми сифатида ғайритабиий “мумиёланган” раққосларнинг “ғайриоддий” рақси намойиш этилди. Умуман, концерт давомида ёш ва замонавий раққослар катта ўрин эгаллашган.

2-қисм қўшиққа монанд кийинган хонанданинг “Парвоз этай” қўшиғи билан бошланди. Концертда ижро этилган қўшиқларнинг аксарияти айрилиқ ва бахтсиз севги изтиробларини акс этувчи қўшиқлардан ташкил топган. Райҳоннинг ўзи ҳам ёлғизлик унинг учун доим оғриқли мавзу бўлганини айтди ва “ҳамманинг уйида соғинган, кутган одами бўлиши”ни тилади.

Турмуш тарзимизга сингиб кетган тарзда қўшиқнинг ўртасида гуллар ва ўйинчоқлар ҳадяси бошланиб кетди. Тансоқчиларнинг эхтиёткорлигига қарамасдан, Райҳон совғаларни олди (микрофон пастда бўлишига қарамасдан қўшиқ ўз “йўлида” давом этди) ва хурсанд эканлигини билдирди.

Айтиш лозимки, бутун шоу дастур давомида қўшиқчи ва мухлислар ўртасида беғубор илиқ муносабат ҳукм сурди. Худди бир-бирини соғинган кўнгиллар учрашгандек...

Томошабинларнинг аксарияти телефонларнинг чироқларини ёқиб севимли санъаткорларини қўллаб-қувватлаб турдилар, бу залда ажойиб чиройли манзара ҳосил қилди.

Саҳна деярли безак йўқ, саҳнани тўлдириб турган улкан мониторларда санъаткор кийимларини алмаштириш чоғида турли видеолар, хусусан Райхоннинг бир қўшиғи флешмоби намойиш этиб турилди.

Кўпроқ янгиликлар