Британия иқтисодий конгломерати Standard Chartered Plc 1989 йилдан буён биринчи марта йирик йўқотишларга дуч келди (лот. Conglomerates – йиғилган, тўпланган – иқтисодиётнинг турли жабҳаларида тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган фирмалар йиғиндиси, баъзи ҳолларда юридик шахс).

“2015 йил учун ниҳоятда паст ва номақбул натижалар кўрсатдик. Лекин 2016 йил ҳам мураккаб йиллардан бири бўлишига шубҳа йўқ”, —маълум қилди банк бош раҳбари Билл Уинтерс.

Шундай қилиб, 2015 йил Standard Chartered солиқларни тўлагунига қадар кўрган зиёни ўтган йили кўрилган 4,2 миллиард доллар фойда билан таққослаганда 1,5 миллиард долларни ташкил этди.

Конгломерат даромади 15 фоизга 15,4 миллиард долларгача камайган, муаммоли кредитларнинг ҳажми 2,1 миллиард доллардан 4 миллиард долларгача ўсган. Бундан ташқари, банк 1,8 миллиард доллар пулни қайта қуришга сарф этди, жумладан, 1 миллиард долларни энг қалтис кредитлар ҳисобига ўтказди.

Банк активлари 640 миллиард долларгача (2014 йил 726 миллиард доллар) пасайган. Гарчи Standard Chartered Буюк Британияда рўйхатдан ўтган бўлса ҳам, унинг 94 фоиз кредитлари бошқа мамлакатларга берилган, деб хабар беради Bloomberg.

Шу муносабат билан банк 86 минг ишчисидан 15 мингтасини қисқартирмоқчи ва 315 миллиард долларлик активларининг қалтис деб топилган учдан бир қисмини қайта ҳисоб қилмоқчи. Йиллик бонуслар ҳам бекор қилиниб, ўрнига, агар банк 2018 йилгача ўз мақсадига эришсагина, муддати чўзилган мукофот пули белгиланди. Масалан, Уинтерснинг ўзи 2,3 миллион йиллик маошига 8,4 миллион доллар миқдорида қўшимча мукофот олади.