Хитой Коммунистик партияси (ХКП) 2016 йилда катта кўламдаги бир қатор аксилкоррупцион текширувлар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу текширувлар давомида 32 та вазирлик ва партия органлари текширилади. Бу ҳақда ХКПнинг интизомни текшириш бўйича марказий комиссияси сайтига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Текширувларнинг 1-босқичи ХКП марказий қўмитаси ташвиқот бўлими, ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитаси, саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги, бош божхона бошқармасига нисбатан ўтказилади. Шунингдек, адлия, саёҳат, қишлоқ хўжалиги вазирликлари, энергетика масалалари бошқармаси ва бошқа идоралар ҳам текширилади.

Шунингдек, ҳудудий текширувлар ўтказилади. Жумладан, текширувлар Ляонин, Аньхой, Шаньдун ва Хунань вилоятларида бўлиб ўтади. Бу ҳудудларда аввал текширувлар ўтказилган, энди комиссия ўтказилган текширувлар натижаларини текширади.

Хитойда коррупцияга қарши катта кўламдаги кураш 2012 йилда ҳокимият тепасига Си Цзиньпиннинг келиши билан бошланди. Ўшандан бери минглаб амалдорлар партия интизоми ва коррупция учун жазоланган.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йил январь ойининг ўзида 5459 нафар амалдор жазоланган. Комиссия маълумотларига кўра, 2015 йилда партия интизомини бузганлик учун турли даражадаги деярли 50 минг амалдор жазоланган.