АҚШ ҳукумати интернетда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашни фаоллаштирмоқчи ва шунинг учун йирик компаниялардан ижтимоий тармоқлар орқали экстремистларга қарши курашда кўмак беришни сўради, деб хабар бермоқда CNN телеканали.

Телеканал маълумотларига кўра, АҚШ адлия вазирлигига шу мақсадда Apple, Twitter, Snapchat, Facebook, MTV ва Buzzfeed компаниялари раҳбарлари чақиртирилди. Таъкидланишича, Миллий аксилтеррорчилик маркази директори Николас Расмуссен уларга АҚШ маъмурияти ижтимоий тармоқларда ИШИДга қарши курашни кучайтирганини айтган.

Учрашувда деярли 50 та компания вакиллари иштирок этган. Унда, шунингдек, кўплаб ҳукумат структуралари, жумладан адлия вазирлиги, АҚШ Давлат департаменти ва Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши иштирок этди.

Учрашув давомида компаниялар раҳбарларига ИШИД томонидан хабарларни тарқатишда қўлланадиган технологиялар ҳамда террорчилик ташвиқотига қарши курашиш режалари ҳақида маълумот берилди.