Америкалик марҳум қўшиқчи Майкл Жексон томонидан 1999 йилда рекорд даражадаги 1,54 млн доллар эвазига Sotheby's аукциони чоғида сотиб олинган "Оскар" ҳайкалчаси бедарак кетди. Бу ҳайкалча 1939 йилда продюсер Дэвид Селзникка "Эсиб ўтган шамол" (Gone With the Wind) фильми учун берилганди. Бу ҳақда The Hollywood Reporter хабар ёзган.

Жексон 2009 йилда, 50 ёшида вафот этганди. Унинг ўлимидан сўнг мол-мулкини ҳатлаш чоғида бу ҳайкалча топилмаганди.

Тахминларга кўра, Жексон ҳайкалчани Калифорниядаги Неверленд номли вилласида ёки Лос-Анжелесдаги уйида сақлаган. Лекин икки жойдан ҳам у топилмаган.

"Биз "Оскар"ни унинг фарзандларига топшириш учун қидирдик. Балки, қачондир у топилиб қолар", дейди қўшиқчининг вакили Говард Вайцман.