Миср президенти Абдуфаттоҳ ас-Сиси Синай яримороли устида қулаб тушган Россиянинг А321 русумли самолёти ҳалокатига қўпорувчилик ҳаракати сабаб бўлганини маълум қилди. Бу ҳақида давлат бошлиғи мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган ривожланиши тўғрисида қилган маърузасида эълон қилган.

«Терроризмга қарши кураш тугадими? Йўқ, ва яна йўқ (...) Самолётни уриб туширганлар фақатгина туризмга зарар етказмоқчи эдиларми? Йўқ, улар Россия, Италия ва бошқа давлатлар билан муносабатларимизга зарба бермоқчи эдилар», унинг сўзларини келтиради РИА Новости агентлиги.

Бундан аввалроқ, Миср ҳукумати ҳалокат сабабларини ўрганувчи комиссиянинг натижаларини кутишаётганини ва ҳозирча воқеа қандай содир бўлганлигининг барча тахминларини кўриб чиқишаётганлигини айтиб ўтганди.

Техник тергов қўмитаси декабрь ойида берган баёнотида, расмий Қоҳира Airbus А321 ҳалокатига террорчиларнинг алоқаси йўқ экани айтиб ўтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрида Шарм-аль-Шайхдан Санкт-Петербург шаҳрига йўл олган «Когалымавиа»нинг Airbus А321 йўналишдаги самолёти, бортида бўлган 224 киши билан қулаб тушган ва йўловчиларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Теракт учун жавобгарликни ИШИД таъсиридаги «Вилоят Синай» жангари гуруҳи ўз зиммасига олган. 16 ноябрда Кремлда бўлган йиғилишда эса ФХХ бошлиғи Александр Бортников бу теракт бўлганини маълум қилган.