Франция терма жамоасининг собиқ футболчиси Робер Пирес ўз футболчилик фаолиятини бутунлай якунлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Айни вақтда 42 ёшга чиққан хавбек 2011 йилда ҳам катта футболни тарк этгани ҳақида маълум қилганди. Аммо у 2014 йилда Ҳиндистон чемпионатидаги "Гоа" жамоасида ўйнаш учун футболга қайтганди.

"Энди "стоп" сўзини айтиш ва йўлни ёшлар учун бутунлай бўшатиб қўйиш вақти етди", дея Пиреснинг сўзларини келтиради L'Equipe.

Пирес ўз вақтида "Мец", "Марсель", "Арсенал", "Вильярреал" ва "Астон Вилла" жамоаларида тўп сурган. У Франция терма жамоаси билан 1998 йилги жаҳон чемпионатида ва 2000 йилги Европа чемпионатида ғолиб бўлганди.