Хитой ҳукумати коррупцияга қарши курашиш доирасида Хитой Коммунистик партияси аъзолари учун дафн қилиш қоидаларини қатъийлаштиришни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Global Times нашри.

Мамлакатнинг бирданига 9 та вазирлиги, жумладан молия вазирлиги экологик дафнларни ўтказиш бўйича йўриқнома чоп этди. Бу ҳужжатга кўра, партия аъзолари дафн қилиш маросимларини экологияга зарар етказмаган ҳолда ўтказишлари керак.

"Баъзи амалдорларнинг қабрлари ўлчами миллий стандартда қабул қилинган 1 квадрат метрдан бир неча марта қаттароқ. Бунинг устига кўпчилик қабрларни ҳашаматли қилиб безайди, баъзи ҳолларда эса бундай ҳашаматли қабр пора бўлиб хизмат қилиш мумкин", деб айтди дафнларни ташкил қилиш соҳасидаги мутахассис Ян Гэньхай.

Гэньхайнинг айтишича, баъзи компаниялар "машҳур бўлиш мақсадида" айнан маҳаллий амалдорларни дафн қилиш учун қабристонлар яратадилар. Қолганлар эса қимматбаҳо қилиб безалган қабр "машҳурлик" келтиришига қизиқиш билдиради.

Таъкидланишича, амалдорларнинг оила аъзолари ҳам киритилаётган ўзгартиришларга амал қилишлари керак бўлади. Мисол учун, қоидалар тасдиқланмаган дафн қилиш турлари ва дафн қилиш учун меъёрга тўғри келмайдиган майдонларни сотиб олиш ҳолатларига ҳам тегишлидир.

Манба янги қоидаларга амал қилмаганлар жазоланишини айтди, бироқ бу қандай йўл билан амалга оширилишини келтирмади.