Японияда жойлашган Nishiyama Onsen Keiunkan меҳмонхонаси дунёдаги энг кўҳна меҳмонхона сифатида қайд этилди. Бу ҳақда сайҳлик хизматлари бўйича тадқиқотлар олиб борадиган OneTwoTrip маркази хабар берган.

Манбаларда келтирилишича, бу қадимий меҳмонхона 705 йилда Фудживара Махито исм-шарифли ер эгаси томонидан қурилган ва кейин унинг авлодларига тегишли бўлган. Айни вақтда унга Фудживаралар сулоласининг 52 ёшли вакили эгалик қилмоқда.

Яманаси префектурасида жойлашган бу отелда қадимги даврларда самурайлар учун қўноқ вазифасини ўтаган, шунингдек, унинг атрофидаги иссиқ булоқлар кишиларни жалб қилган. Бу ерга меҳмон бўлган машҳурлар орасида феодал, сегун Токугава Иэясу ҳамда Япониянинг 46-императори Коукен номлари ҳам бор.

Бу меҳмонхонадаги номерлар анъанавийлигини сақлаб қолган. Хонада битта мебель ҳамда полда бир татами бўлади. Баъзиларида эса катта бўлмаган бассейн ҳам бор. Қайд этилишича, бугунги кунда меҳмонхонада бир кунга хона олиш ўртача 460 долларга тушади.

Дунёдаги энг қадимий меҳмонхоналарнинг иккинчиси ҳам Японияда жойлашган. Хонсю оролидаги Комацу шаҳрида 718 йили қурилган Hōshi Ryokan меҳмонхонаси шундай номга сазовор.

Ўтган асрлар давомида бу меҳмонхона Хошилар оиласига тегишли бўлган. Рёкан услубидаги бу меҳмонхонада томларнинг бурчаклари қайрилма бўлади. Хоналарнинг барчасига сомон тўшамалар солинган, мижозлаш шундай тўшамаларда ухлашади. Ҳар бир хонада анъанавий чой дамлаш маросимини амалга ошириш учун чойнак-пиёла ва столча бор. Бундай меҳмонхоналарда ҳожатхоналар умумий бўлади. Энг арзон номер нархи бир кеча учун 86 доллар.

Дунёдаги энг қадимий меҳмонхоналарнинг учинчиси Австриядаги Steffner-Wallner отели. Бу меҳмонхона 1027 йилда, Маутерндорф шаҳри марказида барпо этилган. Уни Ганс ва Герми Штеффнер-Валлнер бошқаради. Меҳмонхонадаги барча хоналар сони 19та. Охирги марта бу ерда таъмирлаш ишлари 2015 йилнинг кузида амалга оширилган. Ҳар бир хонада душ, телевизор ва Wi-Fi бор. Бу меҳмонхонада бир кеча тунаш учун нархлар 88 доллардан бошланади.

Шунингдек, Belmond Hotel Caruso (Италия, 1050 йил), Otterburn Castle Country House (Буюк Британия, 1086 йил), Doktorschlössl (Австрия, 1116 йилда), Zum roten Bären (Германия, 1120 йилда) каби меҳмонхоналар дунёнинг энг қадимий меҳмонхоналари қаторида санаб ўтилган.