Санъат оламида “Севдим деган мард йигитнинг костюмидан маҳкам тут”, дея қизларга қилган опаларча маслаҳати билан тилга тушган хушовоз хонанда Дилдора Ниёзова 25-, 26-, 27 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган концерт дастурига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Маълумотларга кўра, 40та қўшиқ орасидан концерт учун 24таси саралаб олинади. Репертуар ранг-баранг бўлиб, турли тиллардаги қўшиқлардан иборат. Дастурда хонанданинг акаси Нодир Ниёзов ва ўғлининг ҳам чиқиши кутилмоқда.

Жиддий синовга тайёргарлик кўраётган қўшиқчи журналистлар билан мулоқотга ҳам вақт ажратмоқда. “Бекажон” газетаси учун суҳбатда журналист Хусния Пардаеванинг “Ижодингизга 15-16 йил бўлган бўлсаю, ҳалиям фонограммадан жонлига ўта олмаяпсиз”, деган саволига жавоб бераркан, “...жонли куйлаш фақатгина хонандага боғлиқ эмас. Тўсатдан микрафон ўчиб қолиши ёки созандаларда муаммо бўлиши мумкин. Шу пайтда қўшиқ айтаётган хонанданинг диққати чалғийди ва концерт ҳам маромига етмайди”, дея жавоб қайтарди.

Фикр давомида кичик тадбирлару тўйларда вазиятни ўза назорат қила олиши сабабли ҳам жонли куйлашини айтди. У қачонки ўзига 100 фоиз ишониб, барчасини назорат қилсагина, жонли концерт беришини билдирди.

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда деярли кўринмайсиз, мазмунидаги саволга ижтимоий тармоққа кириб, соатлаб вақт ўтказгандан кўра, мактабга борган ўғлининг саволларига жавоб бериши, дарсларини тайёрлашга кўмаклашиши муҳимлигини таъкидлади.