Маълумотларга кўра, ўтган 2015 йилда Фарғона вилоятида 414 минг тонна мева, 783 минг тонна сабзавот, 277 минг тонна картошка, 71 минг тонна полиз маҳсулотлари, 113 минг тонна узум етиштирилди. Вилоят эҳтиёжидан ортган 120 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Жорий йилда вилоятда 1 миллион 800 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштириш режалаштирилган бўлиб, унинг қарийб 300 минг тоннаси экспорт қилинади.

Бу ҳақида Фарғонада бўлиб ўтган “Фарғона водийсининг мева-сабзавотчилик тармоқлари: экспорт салоҳияти” мавзусидаги халқаро бизнес-форумда маълум қилинди. Форумда Германия, Беларусь, Россия, Латвия, Литва, Қозоғистон каби давлатларнинг йирик савдо уйлари, транспорт, логистика хизматларини амалга оширувчи компаниялари, соҳага ихтисослашган фирма ва уюшмалар раҳбарлари иштирок этди, деб ёзади Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Бизнес-форум иштирокчиларига Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилган.

Тадбир доирасида фермер хўжаликлари, агрофирмалар етиштирган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилган.