"Интер" жамоаси президенти Эрик Тоҳир бундан кейинги мавсумларда Италия чемпионатининг биринчи тур учрашувларини дунёнинг турли мамлакатларида ўтказиш таклифи билан чиқди.

Миланликлар жамоаси раҳбарияти жума куни ўтган йиғилишда лиганинг телевизион сотувларидан тушадиган даромади хусусида гап борди.

Эрик Тоҳир Италия чемпионатининг кейинги мавсумларида биринчи тур ўйинларини 10та мамлакат (Осиё ва Шимолий Америка) бўйлаб ўтказишни таклиф қилган. Унинг фикрича, бу А сериянинг оммабоплигини оширишга хизмат қилади.

Қайд этиш керакки, унинг бу ғояси муваффақият қозонишига ишонч билдирилмаяпти. Бундан олдинроқ, Италия Суперкубоги учун баҳсларни дунёнинг турли чеккаларида ўтказиш тажрибаси қўлланган, лекин бу жамоалар орасида тушунмовчиликларни келтириб чиқарганди.