Москвадаги Строминка кўчасида жойлашган тикув цехи биносида чиққан ёнғинда ҳалок бўлган 12 кишининг шахси аниқланди, тергов давом этмоқда, деб маълум қилинди Россия  Тергов қўмитасининг Москва бўйича бош тергов бошқармаси сайтида.  

"Айни вақтда бош бошқарма терговчилари томонидан ёнғинда ҳалок бўлганларнинг жасадлари бўйича генетик таҳлил натижалари олинди ва бу ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлашга имкон берди", дейилмоқда хабарда.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси бош тергов бошқармасига жиноий ишнинг сифатли ва тезкор ўтказилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Москвадаги йирик ёнғин 30 январда кечки пайт юз берди. Тикув цехи жойлашган бино ёнган. Ёнғин оқибатида 12 киши: 8 нафар қирғизистонлик, 2 нафар қирғиз миллатидаги Россия фуқароси, 2 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган. Номаълум шахс томонидан хорижий фуқароларнинг нотурар жой биносида ноқонуний бўлишини ташкиллаштириш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилган.