Аввалроқ хабар қилинганидек, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан қариндошлик алоқалари билан боғланган ҳамда McDonald's франшизасига эга бўлган тадбиркор Қайрат Бўронбоев 3-5 йил ичида Қозоғистонда франчайзинг асосида 15 та McDonald's ресторанини очишни режалаштирмоқда.

Қозоғистон McDonald's ресторанлари очиладиган 120-давлат бўлади. Қозоғистондаги ресторанларга маҳсулотларнинг катта қисми Россиядан етказилиши режалаштирилмоқда. Бўронбоев, маҳаллий етказиб берувчиларнинг тармоғини ривожлантириш муҳим деб ҳисобламоқда. Жумладан, Coca-cola ичимликлари маҳаллий бозордан етказилади. Бундан ташқари, тадбиркор салатлар ва нон-булка маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини изламоқчи.

Бўронбоев McDonald's таомномасига маҳаллий таомлардан, мисол учун от гўштидан тайёрланган бургернинг киритилиши имконияти ҳақидаги саволга корпорация кўпинча таомномани маҳаллийлаштириш йўлидан боришини ва бунинг имкони борлигини айтди. "Кўпгина давлатларда маҳаллийлаштириш, маҳаллий миллий таомлар бор. Мижозларимиз эҳтиёжларидан келиб чиқамиз ва келажакда маҳаллий ошхонага мўлжал қиламиз", деб айтди Бўронбоев.

Таъкидланишича, Қайрат Бўронбоевнинг қизи Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев набирасининг рафиқаси ҳисобланади.