Шимолий Кореяда кузда халқаро авиашоу бўлиб ўтади

Жаҳон 26 Февраль 2016 2233

Шимолий Кореянинг шарқидаги Вонсан шаҳрида 24-26 сентябрда халқаро авиашоу бўлиб ўтади. Бу ҳақда журналистларга Вонсан-Кимгансан халқаро сайёҳлик ҳудудини ривожлантириш бўйича қўмита раиси ўринбосари Ли Син Рель маълум қилди. Унинг айтишича, ҳарбий самолётлар намойиши ўтказилиши режалаштирилмоқда. Томошабинлар учун Шимолий Кореядаги ягона авиакомпания – Air Koryo’га тегишли турли типдаги самолётларда парвозлар ташкил этилади. Авиашоуда бадиий жамоалар концертлари, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари бўлиб ўтади.

Релнинг айтишича, кўплаб Осиё ва Европа давлатлари бу авиашоуда иштирок этиш ниятини билдирдилар.

Асосий воқеалар Вонсанда қурилган, Шимолий Кореядаги йириклиги бўйича 2-рақамли "Калма" аэропорти ҳудудида бўлиб ўтади. Собиқ ҳарбий база ҳудудида яратилган аэропортнинг қурилиши 2014 йилда бошланган ва 130 млн долларга айланган. Аэропорт ҳар куни 2 мингдан кўпроқ йўловчига хизмат кўрсатишга тайёр.

Шимолий Кореяда авиашоу Япон денгизи соҳилбўйида жойлашган Вонсан-Кимгансан курорт зонасига кўпроқ сайёҳлар, жумладан хорижликларни жалб қилишга имкон беришига умид қилинмоқда. Бу ерда Масикер тоғ-чанғи мажмуаси, Сондовон халқаро болалар соғломлаштириш оромгоҳи, қадимий буддавий ибодатхоналари, шаршаралари ва кўллари билан машҳур бўлган Кимгансан тоғлари бор. Бу жойлар ҳам Шимолий, ҳам Жанубий Кореяда бирдек қадрланади ҳамда дунёдаги энг манзарали жойлардан бири ҳисобланади.

Охирги йилларда Шимолий Корея ҳукумати мамлакатга хорижий сайёҳларни жалб қилишга фаол кўмак бермоқда. Хорижий валюта олиниши сайёҳлик оқимига боғлиқ, валюта Пхеньянга қарши киритилган қатъий санкциялар шароитида мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун талаб қилинади.

Кўпроқ янгиликлар