Fox News`нинг тахминига кўра, Apple компанияси мухтахассислари Калифорния штатидаги Саннивейл шаҳридан узоқ бўлмаган ўз комплексида биринчи электромобилни ишлаб чиқиш устида махфий равишда фаолият олиб бормоқда.

Комплексга яқин ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг тасдиқлашича, ҳудудга 3,7 метрлик тўсиқлар ўратилган. Туну кун турли механик шовқинлар ва темир-терсаклар овози маҳаллий аҳолини ҳайратга солмоқда. Темирчилик саноати фаоллашгандек таассурот уйғотмоқда.

Шунингдек, одамлар телеканалга Apple компаниясига тегишли иншоотдаги шубҳали қўриқлаш ҳолати ҳақида ҳам хабар беришган. Кучуклари билан комплекс яқинида сайр қилаётган одамлар Toyota Priuse оқ автомобилидаги қоровуллар диққат билан кузатаётгани, объектга жуда яқин бориб қолганлар, пиёда қўриқчилар томонидан дарҳол тўхтатилаётгани ҳақида айтишган.

Apple ҳозирча журналистларнинг саволларига ҳеч қандай муносабат билдирмади. Калифорниядаги корпорация ҳам илк автомобиллар устида изланишлар олиб борилаётгани тўғрисида расмий хабар бермаган. Бироқ ОАВ аввалроқ Apple компанияси Ford ва Mercedes-Benz`дан ўнлаб автомобилсоз мутахассисларни жалб қилгани ҳақида ёзганди.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, 2014 йили Apple компанияси бошлиғи Тим Кук BMW компаниясининг Мюнхендаги штаб-квартирасида бўлган. Унинг ёрдамчиси эса автоконцернинг Лейпцигдаги заводида BMW i3 электромобилининг ишлаб чиқарилиши жараёни билан танишган.