АҚШ апелляция суди Samsung компанияси Apple’нинг бир нечта патентларини бузганлиги учун тўлаши керак бўлган 119,6 млн долларлик жаримани бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, суд Apple патентлаштирган "slide-to-unlock " ва "тез ҳаволалар" технологиясини "аёний" деб атади ва уларга олинган патентларни кучга эга эмас деб топди.

Шу билан бирга суд Apple’нинг ўзидан Samsung’нинг рақамли фотосуратлар ва видеоёзувларни сиқиш технологиясидан фойдаланганлик учун 158 минг доллар жарима ундириш ҳақидаги қарорни кучда қолдирди. Samsung вакили суднинг бу қарорини "тантанали ғалаба" деб атади.

Аввалроқ Калифорния суди Samsung компаниясига иккита патентга ҳуқуқни бузганлик учун Apple’га 119,6 млн доллар тўлаш мажбуриятини қўйганди. Даъво аризасига кўра, Apple Samsung’дан 2 млрд доллар талаб қилган.