АҚШнинг Вашингтон штатида яшовчи шахс бутун оиласи, шу жумладан, Россиядан асраб олган икки нафар болани ҳам отиб ташлади. Бу ҳақида Associated Press хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, номаълум эркак полицияга қўнғироқ қилиб, ўзининг бутун оиласини отиб ташлагани ҳақида хабар берган. Воқеа жойига етиб борган махсус гуруҳ жиноятчи билан 3 соат мулоқот олиб борган. Сўнг уй штурм қилинган. Шу пайтда оила бошлиғи уйнинг орқа ҳовлисида ўз жонига ҳам қасд қилган.

Жиноят оқибатида жиноятчининг хотини ва икки нафар асраб олган рус миллатига мансуб ўғли ҳалок бўлган. Хитойдан асраб олган қизи эса омон қолган.

Хабарларда марҳум жиноятчи бир муддат аввал шифохонага тушиб қолгани ва кўп миқдорда дори ичгани айтилмоқда. 2013 йилнинг 1 январидан АҚШда россиялик болаларни фарзандликка олишни тақиқловчи “Дима Яковлев қонуни” кучга кирганди.