АҚШнинг Republic Airways авиакомпанияси касодга учради ва Нью-Йорк судига кредиторлардан ҳимояланиш учун мурожаат қилди. Учувчиларнинг етишмаётгани компаниянинг касодга учрашига асосий сабаб бўлган, бу компаниянинг жуда кўп сондаги самолётлардан фойдаланишни тўхтатишига мажбур қилган.

"Биз бундан қочиш учун кўп ҳаракат қилдик", деб айтди авиакомпания ижрочи директори Брайан Бедфорд. У фаолиятни қайта ташкил қилиш режасини тақдим қилганини тасдиқлади. Republic Airways кредиторлардан ҳимояланиш амал қилиши вақтида ишчи тартибда ўз ишини давом эттиришни мўлжаллаяпти.

Авиакомпания United Airlines, Delta Air Lines ва American Airlines каби йирик компаниялар билан ҳамкорликда АҚШда ички рейсларни амалга оширади. Авиакомпания ихтиёрида 240 тага яқин самолёт бор, улар ҳар куни мамлакатнинг 100 га яқин шаҳарига тахминан 1250 та рейс амалга оширади. Компаниянинг 6 мингга яқин ходими, жумладан 2,1 минг учувчиси бор.

Ўтган йилнинг 3 чорагида авиакомпаниянинг парвоз соатлари 5 фоизга қисқарди. Авиакомпания шартномадаги мажбуриятларини бажара олмай қолди. Бу ҳолат унинг ҳамкори Delta Air Lines авиакомпаниясини унинг устидан судга даъво аризаси топширишга мажбур қилди.