Немцовнинг ўлимига 1 йил тўлган кунда Москва кўчаларида 24 мингдан ортиқ киши хотира маршида иштирок этди.

Марш Москва вақти билан соат 14:00да Пушкин майдонида бошланди ва 15:30да Садовий кўчасида якунланди. Ташкилотчилардан бири ўз твиттерида маълум қилишича, маршда иштирок этганлар сони 24 минг нафардан ошган.

"24 минг 356 киши Борис Немцовни хотирлаб, маршга чиқди", дейилади манбада.

Дастлабки хабарларда митингда 7,5 минг киши иштирок этаётгани айтилганди.

Марш вақтида Кемерово полицияси тартибларга риоя этмаган 6 нафар марш иштирокчисинии қўлга олган. Ундан олдинроқ, Воронежда митинг иштирокчиларига тухумлар отиб, ун сепишгани ҳақида хабарлар ёзилганди.

Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни кечқурун Москва шаҳрининг марказида отиб ўлдирилган эди. Тергов жиноятни бевосита содир этганликда Дадаевни гумон қилмоқда ва қолган тўрт нафар шахс эса жиноятни содир этишда алоқадорликда айбланмоқда.