Нигерияда бир нечта давлатларнинг биргаликдаги операцияси давомида "Боко Ҳаром" террорчилик гуруҳининг 92 жангариси йўқ қилинди. Бу ҳақда Камерун ҳукуматига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Операция давомида жангарилар асирликда ушлаб турган 850 нафар одам озод қилинди ва гуруҳнинг муҳим базаларидан бири йўқ қилинди.

Операция 23-24 февраль кунлари Нигерия-Камерун чегарасида Камерун, Нигерия, Чад, Бенин ва Нигер ҳарбийлари иштирокида ўтказилган. Операция давомида 2 нафар камерунлик аскар ҳалок бўлган, 5 нафари яраланган.

Ҳаммаси бўлиб охирги 2 ҳафтада ҳарбийлар террорчилик гуруҳи асирлигидан деярли 1900 нафар одамни озод қилган, деб маълум қилди International Business Times нашри.