Путин телеграммада Инфантинонинг катта обрўга эгалигини, у бу обрўга халқаро спорт ташкилотларидаги сермаҳсул фаолияти эвазига эришганини таъкидлаб ўтди. Россия президенти Инфантино янги лавозимда ФИФАнинг мавқеини мустаҳкамлай олишига ишонч билдирди.

"Аминманки, профессионал тажриба, катта ижодий, ташкилий салоҳиятингиз сизга янги масъулиятли лавозимда ёрдам беради, ФИФАнинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади", дейилмоқда телеграммада.

Путин, шунингдек, Москва ташкилот билан, жумладан, 2018 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 26 февралда Цюрихда ФИФА президентига овоз бериш жараёнида УЕФА бош котиби, 45 ёшли Жанни Инфантино 115 та овоз йиққан ҳолда ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди. Инфантинонинг бу лавозимдаги ваколати 2019 йилгача давом этади.