Венесуэлада электр энергияни тежаш мақсадида давлат хизматчилари учун қисқартирилган иш куни киритилмоқда. Мамлакат президенти Николас Мадуронинг фармонига кўра, амалдорлар маҳаллий вақт билан соат 7:30 дан 13:00 гача, яъни одатдагидан 2,5 соатга камроқ ишлайдилар. Бунда уларга дам олиш вақти берилмайди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Натижада ҳукумат давлат муассасаларида электр энергия истеъмолини 30 фоизга қисқартирмоқчи. Бироқ бу фармон бевосита аҳоли билан ишлайдиган давлат муассасалари, банклар ва соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва "муҳим аҳамиятга эга" соҳалардаги ташкилотларга, муассасалар раҳбариятига тааллуқли бўлмайди.

Расмий маълумотларга кўра, Венесуэладаги 70 фоиз электр энергия ГЭСларда ишлаб чиқарилади. Бироқ ГЭСлар охирги ойлар давомида мунтазам равишда сув танқислигига учрамоқда.

Дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлатлардан ҳисобланган Венесуэла углеводородлар нархи тушиб кетгани сабабли оғир иқтисодий инқирозни бошидан ўтказмоқда. Мамлакатда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари – қаҳва, шакар, ёғ, кундалик эҳтиёждаги ва шахсий гигиена маҳсулотлари етишмаслиги кузатилмоқда. Мамлакат ҳукумати озиқ-овқат сотишга чеклов киритди, нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишини жорий қилди.