Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бокснинг янги йўналиши Бутунжаҳон бокс серияси, яъни WSB ҳамда APB бўйича ташкил этилган бокс оқшоми якунланди. Турнирнинг биринчи куни “Ўзбек йўлбарслари” жамоаси Пуэрто-Риконинг “Puerto Rico Hurricanes” боксчиларини 5:0 ҳисобида мағлуб этишганди.

Кеча оқшом мусобақада илк маротаба иштирок этаётган “Ўзбек йўлбарслари” жамоаси асосий рақиб – мусобақанинг амалдаги ва шу билан икки карра ғолиби Қозоғистоннинг “Аstana Arlans” жамоасига қарши рингга кўтарилди.

Муросасиз кечган баҳсда ҳамюртларимиз кучли рақибларини 4:1 ҳисобида мағлуб этишди. 49 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган жамоамиз етакчиси Хасанбой Дўсматов рақиби Темиртас Жусуповни 3:0 (50:40, 50:45, 50:45) ҳисобида енгди. 56 кг вазндаги чарм қўлқоп устамиз Абдулҳай Шораҳматов эса Меирболат Тоитовдан худди шу ҳисобда устун келди.

64 кг вазнда рингга чиққан Фазлиддин Мелибоев Асхат Уалихановни 3:0 (49:46, 49:46, 49:46) ҳисобида таслим этди. Бу билан жамоамиз амалдаги чемпионларни муддатидан аввал мағлуб этишга муваффақ бўлишди. 75 кг вазндаги боксчимиз Хуршид Норматов Мейирим Нурсултановга 0:3 (47:48, 47:48, 47:48) ҳисобида имкониятни бой берди. 91 кг вазндаги Мирзабек Ҳасанов эса Еркин Мухамеджанни 3:0 (48:47, 48:47, 48:47) ҳисобида доғда қолдирди.

APB йўналишида ташкил этилган ҳар икки жангда ҳам боксчиларимиз рақибларини мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди. 81 кг вазн тоифасидаги чарм қўлқоп устамиз Зуҳриддин Маҳкамов руминиялик Александр Мачедонни 3:0 (60:54, 60:53, 60:54), +91 кг вазндаги Улуғбек Мубинов эса муросасиз кечган жангда хорватиялик Марин Миндолевични 3:0 (58:56, 58:56, 58:56) ҳисоби билан мағлубиятга учратди.