28 февралда Англия Премьер-лигаси 27-турининг марказий учрашувида "Манчестер Юнайтед" ўз майдонида "Арсенал"ни қабул қилди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Манкунианликлар 29-дақиқада АПЛда илк бор майдонга тушган 18 ёшли футболчи Маркус Рашфорднинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олдилар. Бор-йўғи 3 дақиқа ўтиб Рашфорд яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этди. 1-бўлим охирида лондонликлар Дэнни Уэлбекнинг голи эвазига битта жавоб тўпини қайтаришга муваффақ бўлишди. 65-дақиқада мезбонлар яна битта тўп киритишди: бу гал ҳам голнинг урилиши Рашфорднинг иштирокисиз ўтмади, у Андера Эррерага голли узатма оширди. Бир неча дақиқа ўтиб Месут Озил ҳисобдаги фарқни минимал кўринишга келтирди, бироқ меҳмонлар бундан ортиғига эриша олмадилар.

"МЮ" 44 очко билан АПЛ жадвалининг 5-ўринига кўтарилиб олди, "Арсенал" эса 51 очко билан 3-ўринда қолди.

Англия Премьер-лигаси, 27-тур
Манчестер Юнайтед – Арсенал – 3:2
Голлар: Рашфорд, 29 (1:0); Рашфорд, 32 (2:0); Уэлбек, 40 (2:1); Эррера, 65 (3:1); Озил, 69 (3:2).

Шу куни ўтган яна бир учрашувда "Тоттенхэм" ўз майдонида "Суонси" устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.

"Шпорлар" 19-дақиқада тўп ўтказиб юборишди: "оққушлар" таркибида жамоанинг янги ўйинчиси Альберто Палоски ўз ҳисобига битта тўп ёзиб қўйди. Майдон эгалари ўйин тақдирини 2-бўлимда ўзгартира олишга муваффақ бўлдилар: 70-дақиқада Носир Шодли ҳисобни тенглаштирди, 77-дақиқада эса ғалаба тўпини Дэнни Роуз киритди.

АПЛда 2-ўринни эгаллаётган "Тоттенҳэм" пешқадам "Лестер"дан 2 очко ортда ва 3-ўриндаги "Арсенал"дан 3 очко олдинда бормоқда. "Суонси" эса 16-ўринни эгалламоқда.

Тоттенхэм Хотспур – Суонси Сити – 2:1
Голлар: Палоски, 19 (0:1); Шодли, 70 (1:1); Роуз, 77 (2:1).