Франциянинг Жамоатчилик саломатлигини назорат қилиш институти бош директори Франсуа Бурдийон Франция ҳудудида Зика вирусининг жинсий йўл билан юқишининг биринчи ҳолати қайд қилинганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Бурдийон маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида ҳомиладор бўлмаган аёл вирусни у билан бирга яшайдиган эркакдан юқтириб олганини маълум қилди.

"Аёл мамлакатдан ташқарига чиқмаган, бироқ у билан яшайдиган эркак Бразилиядан бу вирусни юқтириб келган", деб айтди Бурдийон. Бурдийоннинг айтишича, ҳозир икки бемор ҳам ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Зика вируси асосан чивин чақиши орқали юқади. Олимлар бу вирус жинсий йўл билан жуда кам ҳолларда юқади, деб ҳисоблайдилар.