Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат аҳолисига "ватан ҳимояси учун туришга тайёрлиги" учун миннатдорчилик ифодаси сифатида мактуб юборди. Унда олий қўмондонлик 23 февралда "америкалик империалистлар ва Жанубий Корея тузумини қақшатқич жазолаш истагини билдирган" ҳужжатни чоп этгандан кейин, "1,5 млн дан кўпроқ хизматчи, ишчи, ўсмир ва қизлар кўнгилли тарзда Корея халқ армияси сафларини тўлдириш истагини билдирганлари" таъкидланган.

Ким Чен Ин мактубида Корея Меҳнат партияси "душман кучларининг иғвогарлик кирдикорларини йўққа чиқариши ва чучхе ғоялари инқилобий йўналиши якуний ғалабасига эришишига" ишонч билдирган. Шимолий Корея етакчиси АҚШни "корейс халқининг "ашаддий душмани", Жанубий Корея тузумини эса "сотқинлар гуруҳи" деб атаб, "қаҳрамона Корея халқ армияси агар душман уруш чиқаришга ботинса, унинг қалъасини вайрон қилиб, уни тош уюмига айлантиришини" таъкидлаб ўтди.

23 февралда Шимолий Корея Жанубий Корея ва АҚШга зарбалар бериш билан таҳдид қилди. Ўша куни Корея халқ армияси олий қўмондонлиги чоп этган баёнотда "айни лаҳзадан халқ республикаси қуролли кучларининг стратегик ва тактик воситалари душман томонидан заррача иғвогарлик вазиятида фаол зарбалар беришга тайёр" дейилган.

Чоп этилган ҳужжатга кўра, Шимолий Корея зарба берадиган биринчи нишон Сеулдаги "Чхонвадэ" (Мовий уй) президент саройи бўлади. АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги базалари ва АҚШнинг қитъадаги қисми Шимолий Корея қуролли кучлари зарба берадиган 2-нишон сифатида белгиланган.

Жанубий Корея ва АҚШнинг март ва апрель ойларида биргаликда Key Resolve ва Foal Eagle машғулотларини ўтказиши Пхеньяннинг қаттиқ эътирозига учраган. Шимолий Кореянинг таъкидлашича, бу машғулотлар унинг ҳудудига ҳарбий бостириб киришга тайёргарлик бўлиб, уларнинг ўтказилишини бекор қилишни талаб қилмоқда. Сеулда эса бу машғулотлар "Пхеньян томонидан ўтказилган ядровий синовлар ва узоқ таъсир масофасига эга ракеталарнинг учирилишига жавоб бўлади", деб айтилмоқда ТАСС хабарида.