Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳисобланувчи Макао шаҳрида йирик коррупцион можаро авж олмоқда. Бу можаронинг асосий фигуранти бу ҳудуднинг собиқ бош прокурори Хэ Чаомин бўлди. South China Morning Post нашрининг маълум қилишича, 27 февралда Хэ Чаомин Гонконгга кетаётган паромга ўтирмоқчи бўлганда ҳибсга олинган.

Бу иш бўйича Чаоминнинг бир неча собиқ ҳамкасблари ҳибсга олинди, уларнинг номлари ошкор этилмаяпти. Маълум қилинишича, гумон қилинувчилар Макаодаги хусусий компаниялар фойдасига 21 млн долларлик ноқонуний суд қарорларини чиқаришга алоқадорлар. Улар "откат" кўринишида бу ундирилган пуллардан 5,5 млн доллар олганлар.

Хэ Чаомин Макао Португалиядан Хитой юрисдикциясига ўтган 1999 йилдан 2014 йилгача прокуратурани бошқариб келган. У истеъфога кетгандан кейин Макао маъмуриятининг кейинги раҳбари лавозимига асосий номзодлардан бири ҳисобланаётган эди, бироқ ўз номзодини сайловларга қўйишни рад этганди.

Жорий коррупцион можаро 2009 йилдан бери энг йириги бўлмоқда. Ўшанда Макаонинг транспорт ва жамоатчилик ишлари бўйича собиқ котиби Ао Мань Лонг катта миқдордаги порахўрлик учун 28,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

650 минг аҳолига эга Макао Гонконгдан ғарбга томон 60 км узоқликда жойлашган ва Хитойда қимор бизнеси қонунийлаштирилган ва ривожланаётган ягона ер ҳисобланади. Охирги йилларда катта қурилишлар билан қамраб олинган шаҳар кўплаб казино ва мегаотелларнинг мавжудлиги сабабли "Осиё Лас-Вегаси" деб аталади.