АҚШ ҳуқуқ-тартибот муассасалари Калифорниянинг Анахайм шаҳрида "Ку-клукс-клан" вакиллари иштирокидаги муштлашувдан кейин 13 кишини қўлга олди. Муштлашув оқибатида 3 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Полициянинг маълум қилишича, радикал ташкилот аъзолари аввал эълон қилинган тадбирга келган ва машинадан тушганларидан кейин уларни 30 га яқин рақиб кутиб олган. Пичоқ зарбалари бериш айби билан "Ку-клукс-клан"нинг 6 вакили ҳибсга олинган. Ўз навбатида, уларнинг рақибларидан 7 киши ҳам ҳужумда гумон қилинмоқда.  

"Ку-клукс-клан" аъзоси Крис Баркернинг айтишича, ташкилот аъзолари тинч ҳолдаги аксилмиграцион тадбирни ўтказаётган бўлган, пичоқни эса ҳимояланиш зарурати сабабли ишлатишга тўғри келган.

"Агар бизга ҳужум қилишса, биз ҳам ҳужум билан жавоб берамиз", деб айтди телефон орқали "Ку-клукс-клан"нинг воқеада иштирок этмаган аъзоси.

Қайд этилишича, воқеа жойидан олинган суратларда "Ку-клукс-клан"га тегишли қора йўлтанламас автомобиль рақамини кўриш мумкин, рақамдаги KIGY сўзи эса "клан бўйича биродарим сени қаршилайман" деган маънони беради.

АҚШда фаолият юритадиган "Ку-клукс-клан" радикал ташкилоти оқ танлиларнинг бошқа рангдаги қолган одамлардан устунлиги ғоясини илгари суради. Асосан қора танлиларни таҳқирлаб келади.