Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги умра ибодатини адо этиб, белгиланган жадвал бўйича Ўзбекистонга учиб келган ўзбекистонлик зиёратчилар ўз миннатдорлик мактубларини битмоқда. Ана шундай шукроналик мактубларидан бир нечаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанининг расмий сайтида эълон қилинди.

“Аввало, Аллоҳ таолога бизларни шу ерга мушарраф айлагани учун беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Истиқлол сабаб дин борасида кенг имкониятлар очилди. Ҳар йили Ҳаж ва Умра ибодатларини эмин-эркин адо этиш учун диёримиз зиёратчиларига кенг шароитлар яратиб берилмоқда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга раҳматлар айтамиз. Чунки подшоси одил юрт халқининг ҳаёти фаровон, ибодати комил бўлади. Бугун отта боболаримиз орзу қилиб ўтган Умра аммаларини бажариш бахтига муяссар бўлдик. Бу ердаги ишларни юқори даражада ташкил этган ишчи гуруҳи, шифокорлар ва гуруҳимиз раҳбарига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Уларнинг биз кекса зиёратчиларга берган ёрдамлари жуда ҳам улкан бўлди”, дейилади Тошкент шаҳри 1, 2, 3-гуруҳи ҳожилари номидан келган мактубда.

Фарғона вилояти 3-гуруҳ зиёратчиси меҳнат фахрийси, 72 ёшни қаршилаган Ҳамдамов Абдумажид ота эса ўз миннатдорлигини қуйидаги сўзлар билан ифодалаган:

“Биласизлар, Ҳарами шарифда одам кўп, бир сонияга эътиборингизни йўқотсангиз ўз гуруҳингиздан ажралиб қолишингиз турган гап. Бундай вазиятга тушиб қолган пайтимда ватанимиз байроғи мавжуд махсус тикилган нимчалардаги уч-тўрт кишини кўрдим-у, қалбимда умид нишоналари уйғониб, кўзимга билинар-билинмас ёш келди. Юрагимдан мамлакатимиз байроғи нақадар чиройли ва мафтункор эканини ҳис қилдим, ичимдан фахр туйғуси уйғонди. Меҳмонхоналарда яратилган шароитлар, душ, ванна, юмшоқ ўриндиқлар, кондиционерли хоналар, Ҳарами-шарифга бориб-келишда ўзбекистонлик зиёратчилар учун махсус давлатимиз байроғи акс этган автобусларнинг йўлга қўйилгани бизларга сафар қийинчиликларини сездирмади. Ҳар куни уч маҳал ўзимизнинг миллий овқатларимизни тайёрланган ошпазларимиз, ҳаво алмашинуви ва шу билан боғлиқ бошқа ўзгаришларни сездирмаслик учун ватанимиздан келган шифокорлар гуруҳи, ташкил этилган тиббий марказлар бизда учраши мумкин касалликларни олдини олишга ёрдамлашмоқда...”

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилги баҳорги умра зиёратини жами 5498 нафар ўзбекистонлик адо этди.