Falcon 9 ракетаси учиришнинг авариявий тўхтатилиши сабабли фазога учирилмади, бунинг сабаблари айтилмаяпти. Бу ҳақда ракетани учиришнинг ташкилотчиси SpaceX компанияси маълум қилди. 

Ракета Флоридадаги Канаверал бурнидаги космодромдан 29 февраль Тошкент вақти билан 05:21 да учирилиши керак бўлган, бироқ ракета фазога кўтарилишига бир сония қолганда бошқарув маркази учишни авариявий тўхтатишга буйруқ берди ва шундан кейин ракета двигателлари ўчган.

Ракета учирилиши трансляциясини олиб борган бошловчи бундай вазиятларда белгиланган барча жараёнлар бажарилгани, ракета ва парвоз майдончасига зиён етмагани, ёнғин бўлмаганини маълум қилган.

SpaceX компаниясида ҳам ракета шикастланмагани таъкидланган. Компания бошқа уринишни амалга оширмасликка ва парвозни бошқа санага кўчиришга қарор қилган. Навбатдаги уриниш қачон амалга оширилиши ҳақидаги қарор маълумотлар таҳлил қилингандан кейин қабул қилинади.

Ракета фазога SES-9 сунъий йўлдошини олиб чиқиши керак бўлган. Бу йўлдош Boeing компанияси ва SES йўлдошлар операторига тегишли. Йўлдош Шимоли-шарқи Осиё ва Индонезияда коммуникация сигналлари ҳамда Ҳинд океанида кемалар ўртасидаги алоқани таъминлаш учун мўлжалланган.