Корея Республикаси 2016 йилда космик дастур учун 746.4 миллиард вон (603 миллион доллар) сарфлайди. Бу ҳақида Фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва илмий прогноз вазирлиги хабар берди.

Бундан ташқари, кейинги йилларда 200 миллиард вон (160 миллион доллар) ой модулини учириш учун ажратилади. Хабарда таъкидланишича, «уч йиллик лойиҳа дастурнинг биринчи даври бўлиб, 2020 йилда Ернинг табиий йўлдошига қурилма жўнатиш дастурнинг охирги мақсади ҳисобланади».

Бутунлай миллий технологиялардан яратилган луноход (ойда ҳаракатланувчи қурилма) камёб минералларни ой сатҳидан қидиради, дейилади эълонда.

«Бугунги кунда космик технологиялар нафақат илмий-техник ривожланиш қай даражада эканлигини кўрсатиш учун мўлжалланган усул, балки иқтисодий ривожланишга туртки берувчи омил ҳам ҳисобланади», деб таъкидлайди вазирлик.

Ташкилотдагиларнинг сўзларига кўра, яқин орада улар NASA америка аэрокосмик агентлиги билан келишув имзолашни режалаштиришган. Бундан ташқари, Чолла-Пукто вилоятидаги «Наро» космодромини ҳам янгилаш режага киритилган.

Жанубий Корея 2013 йилда ўзи яратган ракета-ташувчисида сунъий йўлдошни учуриш орқали дунёдаги космик мамлакатлар клубига кирган.