Италиялик бастакор Эннио Морриконе Квентин Тарантинонинг "Жирканч саккизлик" фильмига басталаган мусиқаси учун "Оскар"га лойиқ деб топилди.

Бундан олдин бастакор айнан шу номинация бўйича "Олтин Глобус" мукофотини қўлга қиритган эди. 87 ёшли Морриконе бу сафар ушбу номинация бўйича "Оскар"га олтинчи бор номзод сифатида кўрсатилганди ва биринчи марта мукофотга сазовор бўлмоқда.

Унинг коллекциясида кинога мусиқий жўр бўлишга қўшган ҳиссалари учун топширилган "Оскар" ҳам бор. Бастакор ўзининг кекса ёшига қарамай тақдимот маросимига келди ва кўз ёшларини тийиб тура олмади. У киноакадемияга миннатдорчилик билдирди ва мукофотни рафиқаси Марияга бағишлади.

Бу номинация бўйича Морриконе билан биргаликда, Томас Ньюман "Айғоқчи кўприги" фильмидаги мусиқа учун, Картер Беруэлл ("Кэрол"), Жон Уильямс ("Юлдузлар жанги:Кучлар уйғониши"), Йохан Йоханнссон ("Қотил")лар номзод деб топилишган эди.