Москвадаги Ўзбек миллий-маданий автономияси кенгаши раиси Хабиб Абдуллаев Москвада 4 ёшли қизчани ўлдирган ўзбекистонлик аёлнинг миллатига урғу бермасликни илтимос қилди. Абдуллаев бу ҳақда "Говорит Москва" радиостанциясига берган интервьюсида айтди.

"Фикримча, бу ерда миллат – иккиламчидир, бу қандайдир ақлдан озиш бўлган. Биз бундан ларзага келдик. Бу ерда гап миллатда эмас, балки бундай ишларга қодир бўлган одамнинг шуурсизлигидадир. Муҳожирлар жиноятлар, жумладан кутилмаган жиноятлар содир этиши – бу, албатта, ҳамма биладиган фактдир", деб таъкидлаб ўтди Абдуллаев. Унинг айтишича, бундай жиноятлар ўзбеклар орасида жуда кам юз беради.

Эслатиб ўтамиз, 29 февралда Москвадаги "Октябрьское Поле" метро станцияси ёнида ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова кичик ёшли боланинг қотиллигида гумон қилиниб қўлга олинган. Хижоб ўраб олган қотил қўлида танасидан жудо қилинган боланинг бошини ушлаб турган ва ўзини портлатиши билан таҳдид қилган.

Аёл шу куни аввалроқ ўзи энага бўлиб ишлаган оиланинг уйидаги 4 ёшли қизчасини ўлдириб, унинг бошини танасидан жудо қилиб, жиноятни амалга оширган уйга ўт қўйган. Ушбу қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Гувоҳларнинг айтишича, аёл боланинг боши билан бирга метро олдида 20 дақиқага яқин юрган.

Москвадаги қотил-энага терговда ўз жинояти сабабини айтди