Москвада мудҳиш қотилликка қўл урган асли ўзбекистонлик меҳнат муҳожири иши бўйича навбатдаги маълумотлар аён қилинмоқда.

Воқеа 29 февраль куни тонгида, Москва шаҳридаги Народного Ополчения кўчасида содир бўлган. Хонадонлардан бирида энага сифатида ишлаган Гулчеҳра Бобоқулова ўзи қараб турган 4 ёшли гўдакни ўлдирган ва унинг бошини кесиб олиб, полиэтилен пакетга солган ва "Октябрское поле" метро бекатига йўл олган. Уни шубҳали ҳаракатлари учун метро бекати эшиги олдида ҳужжатларни текшириш учун тўхтатишган. Шу вақтда аёл сумкадан қизчанинг бошини чиқарган ва бақира бошлаган. У ўзини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган.

Аввалига унинг ёнида ростдан ҳам портловчи қурилма борлигидан гумон қилиб, дарҳол қўлга олишмаган. Бу вақтда метро бекатига кириш тўсиб қўйилган. Унинг ёнида портловчи қурилма йўқлигига ишонч ҳосил қилинганидан кейингина у қўлга олинган.

Россия Тергов қўмитасининг пойтахт бўйича бўлими вакили Юлия Иванова "Корреспондент.ру" мухбирига қотил-энага иши бўйича тафсилотларни маълум қилди.

"Айни вақтда жиноятчи аёл ҳибсда. У билан терговчилар ишлашмоқда. У дастлабки терговда жиноятига ундаган сабаблар ҳақида маълум қилган", дейди Иванова.

39 ёшли ўзбекистонлик, Гулчеҳра Бобоқулова исм-шарифли бу аёлнинг тан олишича, у турмуш ўртоғининг хиёнати ортидан бу қабиҳликка қўл урган.

Аёл сўроқ қилинганда, уни бу қотилликни амалга оширишга эрининг хиёнати мажбур қилганини айтган. Бироқ шу билан бирга, аёл бу ҳолат у энага бўлиб ишлаган оилага қандай алоқаси борлигини тушунтириб бера олмаган. Бобоқулованинг тан олишича, у ўз жиноятига кўпроқ эътиборни жалб қилмоқчи бўлган ва яширинишни мўлжалламаган.

Терговда маълум бўлишича, Бобоқулова уй эгалари ўзларининг катта фарзандлари билан квартирадан кетишларини пойлаб, уйда қолган қизчани ўлдирган, сўнгра квартирага ўт қўйиб, чиқиб кетган. Ёнғин ўчирилгандан кейин қизча танаси аниқланган. Уй эгаларининг айтишича, Бобоқулова уларнинг уйида бир йил давомида ишлаб келган. Аёл яхши мутахассис бўлиб туюлган. Қизчанинг ота-онасининг айтишича, аёл охирги вақтлар эри билан муносабатлари ёмонлашганидан шикоят қилган.

Эндиликда бу аёл оилага қандай қилиб келиб қолганини аниқлаш талаб этилади: махсус агентлик орқалими ёки кўчаданми? Агар биринчи вариант тўғри бўлиб чиқса, бунинг учун кимдир жавоб бериши керак бўлади.

Шунингдек, унинг муқаддам руҳий муаммолари бўлган-бўлмагани аниқланмаган. Аввалига уни махсус руҳий даъволаш курсларидан ўтказиш режалаштирилган. Бунинг фойдаси бўлса, суд бошланади. Агар у тузалмаса, умрбодга жиннихонада қолиши мумкин.

Агар шифокорлар у бу жиноятни онгли равишда амалга оширганини тасдиқлашса, у муддатни Россиядаги қамоқхонада ўтайди.

Сенатор Елена Мизулина қизчанинг оиласига ҳамдардлик изҳор қилган ва россияликларни бу фожиага нисбатан тажовузкор муносабатда бўлмасликка чақирган.

Москвада 4 ёшли гўдакни ўлдирган энага ноқонуний муҳожир экани қайд этилди

Манба: Москвада 4 ёшли болани ўлдирган энага гиёҳванд модда таъсирида бўлган