Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Майкл Хейден CNN телеканалига берган интервьюсида Хиллари Клинтонга тегишли электрон почта билан боғлиқ можарога изоҳ бериш давомида Россия ташқи ишлар вазири даражасидаги одамларнинг электрон ёзишмаларига киришга муваффақ бўлишдан жуда мамнун бўлишини тан олди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

"Агар менга кимдир Сергей Лавров ёки унинг мавқеидаги бирор одам ҳимояланмаган шахсий почта қутисидан фойдаланишини айтганда, мен унга кириш учун барча имкони бор нарсани амалга оширган бўлардим", деб айтди Хейден.

Хейден "ҳаттоки махфий бўлмаган маълумотдан ҳам кўп нарсани билиб олиш мумкинлигини" таъкидлаб ўтди.

"Мен Россия Ташқи ишлар вазирлигига нисбатан қандайдир ҳаракатлар амалга оширганмиз, деб айтмоқчи эмасман. Мен шунчаки, Хиллари Клинтон давлат котиби сифатида хорижий разведкалар учун нишон бўлиб ҳисобланишини айтмоқчиман", деб қўшимча қилди Хейден.

2015 йил мартда Клинтон ишчи ёзишмалар учун ўзининг шахсий электрон почтасидан фойдалангани маълум бўлганди, бу эса АҚШ федерал қонуни томонидан ўрнатилган талабларни бузган бўлиши мумкин.