Қирғизистонлик конвоирлар жиноятчи билан саунада дам олиш пайтида уни қўлдан чиқариб юборишди

Жаҳон 29 Февраль 2016 5509

Қирғизистонда босқинчиликда айбланган эркак Бишкек суди конвоирларидан улар билан бирга саунада дам олиш пайтида қочиб кетишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда 29 февралда Қирғизистон бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

25 ёшли аввал судланган Озобдек Алимқулов қўриқчилар кузатувида Бишкек тергов изоляторидан суд биносига олиб келинган ва ҳибсга олинганлар учун мўлжалланган хонага жойлаштирилган. Тергов маълумотларига кўра, кейинроқ қўриқчилар судланувчини суд биносидан олиб чиқиб, унинг рафиқаси уйига боришган ва у ердан саунага бориб, у ерда спирти ичимликлар ичиб, қизлар билан кўнгилхушлик қилишган.

Саунада судланувчи алоҳида хонада номаълум қиз билан бирга бўлган. Бироздан кейин қўриқчилар судланувчи хонадаги дарчадан қочиб кетганини аниқлашган.

Қирғизистоннинг Чуй вилояти Аламедин тумани прокуратураси қўриқчиларга нисбатан "Хизмат лавозимларини суиистеъмол қилиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Улар ҳибсга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилдилар.

"Sputnik. Кыргызстан" порталининг маълум қилишича, бир неча бор судланган Алимқулов 4 та шериги билан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига босқинчилик қилишда айбланган. Жиноятчилар АЁҚШдан ярим миллион қирғиз сўми олиб чиқиб кетишган.

Кўпроқ янгиликлар