Ўзбек кино оламида “Барон” фильмидан кейин “Мажнун”нинг шов-шувлари жамоатчилик орасида кенг тарқади. Бу фильмнинг катта экранларга чиқишига саноқли кунлар қолган бўлса-да, трейлер ва турли расмлардан томошабоп бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу борада мутахассислар ва режиссёрларнинг қандай фикрда экани ҳам қизиқ, албатта.

Журналист Жасур Ҳамроев режиссёр Рустам Саъдиевга “Барон”дан кейин вужудга келган катта рақобатга “Мажнун” дош бера оладими?” деган савол билан мурожаат қилди.

Бу саволга “Ҳар бир фильмнинг ўз файзи бўлади. Об-ҳаво ҳақида олдиндан тахмин қилиш мумкин-у, бироқ, ҳар доим ҳам айтилганидай қуёш чиқмайди, қор ё ёмғир ёғмайди. Шу каби “Мажнун” қай даражада муваффақиятга эришиши ҳақида олдиндан бонг уришга шошиш ярамайди. Бироқ, ишонаманки, бу картина айрим фильмлар каби хор бўлмаслиги аниқ! “Мажнун” – Жаҳонгир Аҳмедов ижодидаги жиддий бурилишдир. Энг аҳамиятлиси, янги картина энг талантли актёрларни жамлаган. Истеъдодли оператор иши ва оригинал мусиқий ёндашув ҳам картинанинг томошабоплигини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади”, дея жавоб қайтарган.

Эслатиб ўтамиз, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Мажнун” фильми премьераси 6 март куни Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номли киносаройда бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилганди.