Хитой Халқ республикаси интернет-маълумотлар ишлари бўйича давлат Девонхонаси хитойлик магнат Жэнь Чжицянни мунтазам равишда “ёмон оқибатларга олиб келувчи ноқонуний маълумотларни чоп этиш”да айблади.

"Хуаньцю шибао" газетасида ёзилишича, девонхона магнатнинг 37 миллиондан ортиқ киши кузатиб борадиган Sina Weibo ва Tencent Weibo микроблогларидаги аккаунтларини блоклаб қўйди, деб хабар беради ТАСС.

“Интернет қонун мавжуд бўлмаган макон эмас, тармоқда ноқонуний маълумотлар тарқатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”, -маълум қилди девонхона матбуот котиби Цзян Цзюнь.

Мақолада келтирилишича, Жень Чжицяннинг ХХР президенти Си Цзиньпинни ошкора танқид қилгани унинг тазйиққа учрашига сабаб бўлган.
Хитой Коммунистик партия аъзоси Жэнь Чжицян Хитойдаги энг йирик қурилиш корхонаси "China Vanke" нинг акция пакетларига эга.

Аввалроқ марказий телевидение "China Vanke" раҳбариятини 4,4 миллиард юань (667 миллион доллар) миқдоридаги солиқларни тўлашдан бўйин товлашда айбдор қилганди. 2015 йил июнь охирига келиб "China Vanke" активлари ҳажми 490,2 миллион юань (74,36 миллион доллар)ни ташкил этган.

Жэнь Чжицяннинг иқтисодий аҳволи ҳақидаги маълумотлар маълум қилинмаяпти.