YouTube’даги "AsapSCIENCE" илмий канали барча интернет фойдаланувчиларга ўзларининг эшитиш қобилиятларини бепул синаб кўришни таклиф қилмоқда. Буни эса "Сизнинг қулоғингиз қанчалик қари" деб номланган товушли видеороликни кўриб амалга ошириш мумкин. Ушбу синов 20 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар учун мўлжалланган.

Олимларнинг таъкидлашларича, инсон ёши ва унинг эшитиш қобилиятини турли частоталардаги товушларни фарқлай олиш қобилиятларидан аниқлаш мумкин. Роликдаги товуш қатори 8 мингдан 19 минг герцгача ошиб борувчи частотага эга аудиоёзувдан иборат. Маълум частотада синалувчи товушни эшитишдан тўхтайди. Бу юз берадиган частота унинг ёши ва эшитиш қобилиятидан дарак беради.

Олимларнинг шакаласи бўйича, агар сиз 19 минг герцдан юқорироқ частотадаги товушни эшитсангиз, унда сиз ҳали 20 ёшга тўлмаган бўласиз. Агар 18 минг герцли товушни эшитсангиз 24 ёшдан кичиксиз, 16 минг герц бўлса ҳали 30 ёшга тўлмаган бўласиз. Агар сиз 15 минг герцлик товушни эшитсангиз, унда сизнинг ёшингиз 40 атрофида, агар 12 минг герцлик товушни эшитсангиз, унда сиз 50 дан ёшроқсиз. 20 мингдан 22 минг герцгача бўлган товушларни эса фақатгина болалар эшитишади.