Евросиё кибер-хавфсизлик ташкилоти Евросиёнинг МДҲ ҳудудидаги давлатлари етакчиларини фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоялашни кучайтириш мақсадида интернет-трафикни назоратга олишга чорлади, деб хабар бермоқда ташкилот сайтида.

АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуденнинг АҚШ Федерал қидирувлар бюроси Apple қурилмаларидан маълумотларни олишга қодирлигини айтгани ортида ташкилот МДҲдаги давлатларни Apple, Google, Facebook, Twitter, Samsung ва бошқа IT-гигантларга нисбатан ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақирди.

"Евроосиё давлатлари Россия каби почта хизматлари, қидирув тизимлари ва ижтимоий тармоқларга эга бўлган хорижий компанияларни фойдаланувчилар ҳақидаги шахсий маълумотларни фақатгина миллий серверларда сақлашга мажбурловчи қонун қабул қилиши керак", дейилмоқда хабарда.

Ташкилот фикрича, ушбу қонун таъсирига Евросиё давлатлари фуқаролари ҳақидаги исталган маълумотлар, жумладан ижтимоий тармоқлардаги фотосуратлар ҳам тушиши керак. Бу қонунларни бажариш рад этилса, тегишли чоралар қабул қилинишини, ҳаттоки сайт ва сервисларни блоклаш керак.

Ташкилотнинг бошқа муҳим вазифаси IT-инфратузилмаси ишончлилигини ошириш бўлиши керак. Шу мақсадда МДҲ давлатлари миллий IT-хизматлари етказиб берувчилар сонини ошириши ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳолати ва хорижий таъсирдан ҳимояланиш учун захира механизмларини ишлаб чиқиши керак.

"Трафикни мониторинг қилишнинг Евросиё тизимини яратиш зарур, бу тизим нуқталарнинг ўзаро боғланишини тушуниш, Евросиё чегараларини кесиб ўтувчи алоқа каналлари миқдорини санаш ва тегишли муассасалар томонидан ҳисобга олинмаган "яширин" каналларни аниқлашга имкон беради", деб таъкидламоқда ташкилот Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Молдова ва Тожикистон етакчиларига йўллаган мурожаатида.