“Кун” меҳмони” лойиҳасининг меҳмони актёр Матёқуб Матчонов бугунги ўзбек киносида ўзига хос характери билан ажралиб турадиган, “бозор кўрган”, қиёфаси жиддий бўлса-да, табиати қувноқ, соддадил, ишонувчан одам образини қойилмақом ижро этадиган актёр сифатида маълум. У доим суҳбатга жиддий тайёргарлик кўради, билганларини билганича гапиради, ёлғонга бетоқат, ростгўй инсон.

“Борган сари” деган сўз қўшилмасини турли йўсинда, турли вазият ва турли одам учун қўллаш мумкин. Айтайлик, борган сари яхши ёки ёмон, борган сари осон ёки қийин ва ҳоказо. Ижодкорлар учун кино соҳаси борган сари қийинлашаяптими ёки аксинча...?

- Борган сари қийинлашаяпти ёки борган сари осонлашаяпти, деб тугал фикр айтсам ёлғон бўлади. Кино соҳасида осонлашаётган ва қийинлашаётган жиҳатларни етарлича санаш мумкин. Масалан, техник имкониятларнинг кенгайиши —режиссёр учун ҳам, актёр учун ҳам қулайлик. Бу маромига етмаган ўринларни тўлдириш, бойитиш, таъсирчанлигини оширишга ёрдам бераяпти. Агар режиссёрнинг шунга ақли етса. Бутун дунёда ҳам аслида шундай. Қийин томони, бугунги аудиториянинг, яъни томошабинларнинг талаба жуда кучли. Уларда бугун бутун бир бошли интернет деган виртуал хазина бор. Бугуннинг томошабини дунёнинг энг зўр, энг кучли фильмларини томоша қилиб, улғаймоқда. Энди айтингчи, шундай шароитда уларни ўз киноингиз, ўз ғоянгиз билан лол қолдира оласизми?! Мана сизга риторика.

- Ўзбек киносида бу йил ўзига хос шов-шувлар, катта премьералар билан бошланди. Жумладан, “Барон” фильми. Ҳамкасбларингизнинг ижодини кузатиш учун ҳам фильмни кўрдингизми?

Йўқ, кўрмадим. Премьерага Рихсивой Муҳаммаджонов билан бордик, лекин беш дақиқадан кейин чиқиб кетдик. Сабаби, томошабинларнинг, айниқса, ёшларнинг ўзини тутиши ёқмади. Театрда ҳам шундай. Ҳозирги ёшлар ошна-оғайнилари ёки бошқа танишларига ўзини кўрсатгани келади. Ўтиришни билмайди. Реплика ташлаб, мазах қилиб ўтиради, халақит беради. Шунинг учун кинотеатрларда томошабин билан фильм кўришни ёқтирмайман.

- Киноқароқчилар яхши имконият яратиб беришди. Ҳеч бўлмаганда шуни топиб, кўрмадингизми?

Йўқ. Бу ўз ҳамкасбларимга нисбатан, уларнинг оғир ва машаққатли меҳнатига нисбатан адолатсизлик. Виждоним йўл қўймайди. Айтингчи, мен бу билан ўғрилик, қароқчиликни қўллаб-қувватлаган бўлмайманми? Тушунмайман, арзимаган бир-икки сўм учун бировларнинг йиллаб қилган меҳнати маҳсулини ўғирлаб, сотиб, кейин уни оиласига, ота-онасига қандай едиради?! Фильмга давлатимиз пул ажратган. Оддий фуқаро сифатида биз давлатга солиқ тўлаймиз. Демакки, муттаҳамлар бу билан менинг, сизнинг ёки бошқаларнинг ҳам пулини ўғирлашди, талон-тарож қилишди. Бу диний нуқтаи назардан ҳам, дунёвий нуқтаи назардан ҳам мутлақо нотўғри. Шунинг учун мен “Барон”нинг расман дўконларга чиқарилган дискини сотиб олиб, кўришни ният қилдим.

Интервьюнинг видеоси


Мазкур суҳбат учун бошловчи Акмал Мирзо ҳамда “Salommedia” ижодкорларига миннатдорлик билдирамиз.